АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев ташрифни Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади

Мажмуа ҳудудида 10 минг кишига мўлжалланган масжид, мақбара ва баландлиги 75 метрдан бўлган тўртта минора барпо этилган.

'Мирзиёев ташрифни Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Анъанага кўра, давлат раҳбари зиёратни Қуръон оятларини тиловат қилиш ва дуо ўқишдан бошлади.

Зиёрат давомида мажмуадан самарали фойдаланиш, унинг туристик салоҳиятини ошириш, Имом Бухорийнинг илмий меросини асраб-авайлаш ва дунёга кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Шунингдек, ислом маърифати ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича топшириқлар ижроси кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари улуғ алломанинг илмий меросини ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш ишларини изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

“Бу улуғ зот бизга бутун илмларини, билимларини мерос қилиб қолдирганлар. Биз шу илмларни давом эттирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Мен ўзим ҳам ҳар сафар улуғ бобомизни зиёрат қилганимда, халқимиз ҳаётига барака берсин, бири икки бўлсин деб дуо қиламан.

Биз улуғларимиз меросини асраш ва тарғиб қилиш йўлида ҳали кўп ишлар қиламиз. Бутун дунёдан одамлар Ўзбекистонга келиб, Ислом цивилизацияси марказини, Имом Бухорий мажмуасини кўриши, зиёрат қилиши учун шароит яратамиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Президент ташаббуси билан янгидан барпо этилган мажмуа бугун маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар ташриф буюрадиган масканлардан бирига айланган. Илгари мажмуа бир кунда 12 минг нафар зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 65 минг нафардан ошган.

Мажмуа ҳудудида 10 минг кишига мўлжалланган масжид, мақбара ва баландлиги 75 метрдан бўлган тўртта минора барпо этилган. Мовий гумбазлар эса иншоотга ўзига хос меъморий қиёфа бағишлаган.

Замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этилган музейда Ислом дини тарихи, пайғамбарлар ҳаёти ва Имом Бухорийнинг муҳаддислик фаолияти ёритилган. Унда ноёб экспонатлар ҳам намойиш этилмоқда.

Шунингдек, мажмуада зиёратчилар учун халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган. Зиёратгоҳ ҳудуди ва унинг атрофида 20 дан ортиқ замонавий меҳмонхона фаолият юритмоқда.

    Бошқа янгиликлар