Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Қорадарё устидан барпо этилаётган кўприк қурилиши билан танишди. Қиймати 310 миллиард сўм бўлган иншоот янги “Ширин” массивини Самарқанд шаҳри маркази ва халқаро аэропорт билан боғлайди.
Маълум қилинишича, кўприкнинг узунлиги 780 метр, кенглиги эса 29,8 метрни ташкил этади. Тўрт тасмали қатнов қисмига эга бўладиган иншоотдан кунига 25 мингтагача транспорт воситаси ўтиши мумкин.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида “Ширин” массивидан шаҳар марказигача бўлган масофа 23 километрдан 4 километрга қисқаради. Йўлга сарфланадиган вақт ҳам 30 дақиқага камаяди.
Давлат раҳбарига кўприкнинг техник ечимлари ва транспорт оқимини бошқариш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг Президент маҳаллий фаоллар билан суҳбатда бўлди. Унда Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланиши ва шаҳар инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларига тўхталди.
“2016 йилда Ўзбекистонга бор-йўғи 1 миллион 200 минг турист келарди. Ҳозир бир йилда 5 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Қачон биз бундай натижаларни тасаввур қилардик? Албатта, бугун дунё рақобат асосида ривожланяпти. Биз ҳам бу рақобатда ўз ўрнимизни мустаҳкамлашимиз керак.
Лойиҳаларни тўғри ишлаб чиқсак, логистикани оқилона ташкил этсак, харажатларни қисқартирамиз, одамларимизнинг узоғини яқин қиламиз. Ахир бу шаҳар одамлар учун-ку!
Мана шу кўприк менинг орзуларимдан бири эди. Бугун бу орзу рўёбга чиқди”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шаҳарлар, аввало, одамлар учун хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб, ҳар бир инсоннинг халқ ва юрт олдидаги масъулияти ҳақида ҳам гапирди.
“Мен кечаги нутқимда ҳам “ўз”, “ўзимиз”, “ўзлигимиз”, “ўзимизники” деган сўзларга қайта-қайта урғу бердим. “Мен ўзбекистонликман, халқим учун ҳаракат қиламан, халқим учун ўқийман, эртанги куним учун изланаман” деган ғоялар руҳида яшашимиз керак”, — деди давлат раҳбари.






