Ўзбекистон АҚШ билан космосни тинчлик мақсадларида ўрганиш ва ундан фойдаланиш бўйича халқаро келишувга қўшилди. Мамлакат "Артемида битимлари"ни имзолаган 77-давлат бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан икки томонлама музокаралардан сўнг Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тадқиқ этиш ҳамда улардан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тамойилларини белгиловчи ҳужжатни имзолаган.
Вазирнинг таъкидлашича, ушбу келишув Ўзбекистоннинг АҚШнинг Миллий аэронавтика ва космик тадқиқотлар бошқармаси (NASA) ҳамда бошқа иштирокчи давлатларнинг космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, битим миллий мутахассисларни тайёрлаш ва космик технологияларни Ўзбекистонга олиб кириш учун янги имкониятлар яратади.
Маълумот учун, "Артемида битимлари" 2020 йилда космосни тинч ва хавфсиз тадқиқ этиш бўйича халқаро ҳамкорлик тамойилларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.






