Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан биргаликда "C5+1" вазирлар учрашуви доирасида ташкил этилган "Ўзбекистон ва АҚШ: асрлар ва қитъалар оша муштарак тарих" кўргазмасида иштирок этди. Бу ҳақда Бахтиёр Саидов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, кўргазмадан икки халқ ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларнинг бой тарихини акс эттирувчи экспонатлар ўрин олган. Улар орасида Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий мероси, америкалик ёзувчи Эдгар Аллан Понинг Амир Темурга бағишланган шеърий тўплами, шунингдек, америкалик саёҳатчиларнинг Ўзбекистон ҳақидаги асарлари бор.
Шунингдек, кўргазмада 1973 йилда йўлга қўйилган Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасидаги биродарлик алоқаларига оид материаллар ҳам намойиш этилган.
Вазирнинг таъкидлашича, муштарак тарихни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш Ўзбекистон ва АҚШ халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.






