АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Учрашув аввалида у давлат раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

'Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқандда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мередов Ўзбекистонга "C5+1" форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун келган.

Учрашув аввалида у давлат раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар барча даражалардаги алоқалар жадал ривожланаётганини қайд этди. Яқинда икки мамлакат муносабатларида янги механизм — Олий даражадаги стратегик шериклик кенгаши ташкил этилгани таъкидланди.

Шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари изчил ошиб бораётгани, "Шовот — Тошовуз" чегараолди савдо зонаси самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Томонлар учинчи Ҳудудлар форуми, шунингдек, Туркманистон шаҳарларида ўтказиладиган Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлади.

Мулоқот якунида минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

    Бошқа янгиликлар