Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқандда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеубердини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув "C5+1" форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида бўлиб ўтган. Мулоқот аввалида Мухтар Тлеуберди Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини Ўзбекистон раҳбарига етказган.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Томонлар Президент администрациялари, парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги фаол алоқаларни юқори баҳолаган.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бораётгани таъкидланган. Саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва экология соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинувлар ҳам самарали йўлга қўйилган.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ва келгуси йилга мўлжалланган тадбирлар режасини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилган.
Мулоқот давомида минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.






