Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқандда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жээнбек Кулубаев Самарқандга "C5+1" форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун келган. Учрашув аввалида у Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини Ўзбекистон раҳбарига етказган.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Томонлар Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил июль ойида Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратган.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бораётгани, йирик корхоналар ва ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилган. Энергетика ва транспорт соҳаларида йирик минтақавий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланган.
Учрашувда келгуси йилга мўлжалланган маданий-гуманитар тадбирлар ва ҳудудлар ўртасидаги алмашинувлар режасини қабул қилиш муҳимлиги ҳам қайд этилган.
Мулоқот якунида томонлар Марказий Осиёдаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган.






