АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев ва Рубио стратегик шерикликни ривожлантиришни муҳокама қилди

Учрашув якунида халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган.

'Мирзиёев ва Рубио стратегик шерикликни ривожлантиришни муҳокама қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Марко Рубио давлат раҳбарига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, шунингдек, «С5+1» форматидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Учрашувда сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновациялар, технологиялар, таълим ҳамда маданият соҳаларидаги ҳамкорлик фаоллашаётгани таъкидланган. Шунингдек, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашишдаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Иқтисодий ҳамкорлик ҳам музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Маълум қилинишича, йил бошидан буён икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошган. Фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида эса умумий қиймати 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилган.

Томонлар стратегик аҳамиятга эга минераллар, энергетика, транспорт, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини ҳам муҳокама қилган. Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Учрашув якунида халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган. Шунингдек, икки мамлакат етакчилари иштирокида бўлиб ўтадиган бўлажак тадбирларга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилган.

    Бошқа янгиликлар