АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилади

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг янги режаларини маълум қилди. Самарқанддаги учрашувда умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва истиқболли ташаббусни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

'Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқандда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши очилишида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда АҚШ давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор, шунингдек, Американинг етакчи компаниялари ва банклари вакиллари қатнашди.

Мирзиёев Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бунда АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий эътибори ва қўллаб-қувватлови муҳим ўрин тутади.

Давлат раҳбари иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш зарурлигини таъкидлади. Ҳозирда мамлакатда Америка сармояси иштирокидаги юзлаб компаниялар фаолият юритмоқда. Улар саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва янги технологиялар соҳаларида иш олиб бормоқда.

Йиғилишда муҳим минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, замонавий энергетика тизимини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни турли соҳаларга жорий қилиш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатилди.

Маълум қилинишича, кенгаш йиғилишига тайёргарлик доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард доллар бўлган 54 та келишув ва истиқболли ташаббусдан иборат тўплам шакллантирилган. Уларни амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади.

Мирзиёев АҚШ инвесторлари учун қулай ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган бизнес муҳитини яратиш муҳимлигини қайд этди. Шу мақсадда инвесторларга ер майдони, инфратузилма ва рухсат бериш ҳужжатлари билан боғлиқ масалалари ҳал этилган тайёр лойиҳаларни таклиф қилишга қаратилган «Plug and Play» тамойилига асосланган ёндашув жорий этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон тадбиркорлари ҳам қўшма лойиҳаларда ҳамкор сифатида иштирок этиши ва инвестициявий хатарларнинг бир қисмини ўз зиммасига олиши мумкинлиги таъкидланди. Янги ташкил этилган Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси ҳам бундай лойиҳаларда иштирок этади.

Йиғилишда икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликни ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, 2035 йилгача мўлжалланган савдо-инвестициявий ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Президентнинг таъкидлашича, ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши янги ташаббусларни ишлаб чиқиш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш ва йирик қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдонига айланиши лозим.

    Бошқа янгиликлар