Президент Шавкат Мирзиёев рақамли таълим экотизимини ривожлантиришга қаратилган тақдимот билан танишди. Унда ёшларни рақамли касбларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва IT соҳасида янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, ахборот технологиялари соҳасида 2030 йилгача 300 мингта иш ўрни яратиш мақсадига жорий йилнинг ўзида эришилган. Энди рақамли иқтисодиётнинг янги йўналишларини ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар яна 500 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
Бунинг учун ёшларни ўқитишдан тортиб, уларнинг касбий кўникмаларини тасдиқлаш ва ишга жойлаштиришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ягона рақамли таълим экотизими ташкил этилади. 2030 йилгача 5,5 миллион нафар ёшни анъанавий ва масофавий шаклларда ўқитиш кўзда тутилган.
Мактаб ўқувчилари учун «Ал-Хоразмий ворислари» ва «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаларини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ҳамда хусусий ўқув марказлари имкониятларини бирлаштириш назарда тутилмоқда.
Президент робототехника, компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш, стартаплар ва бошқа истиқболли йўналишларда йилига 1 миллион нафар ёшни ўқитиш вазифасини қўйди. Бунинг учун миллий тренерлар корпусини шакллантириш, онлайн таълим платформалари ва қисқа муддатли рақамли курсларни ишга тушириш зарурлиги таъкидланди.
Олий таълим муассасаларида тайёрланаётган кадрлар малакасини меҳнат бозори талабларига мослаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, сунъий интеллект, микросхемаларни лойиҳалаш, дрон технологиялари ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда таълимни ривожлантириш, талабаларнинг амалий лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.
Шунингдек, информатика ўқитувчиларининг сунъий интеллект бўйича билимларини ошириш ва уларни сертификатлаш, олий таълим муассасалари талабалари учун халқаро рақамли таълим курсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Фарғона тажрибаси асосида iOS дастурчиларини тайёрлаш марказларини ташкил этиш ва хусусий таълим марказлари учун менторлар тайёрлаш таклифлари маъқулланди.
Рақамли таълимни илмий тадқиқотлар билан боғлашга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, микроэлектроника ва буюмлар интернети бўйича мутахассислар тайёрлаш, муҳандислик ишланмалари ҳамда тадқиқот лабораториялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ёшларнинг олган билимларини меҳнат бозорида қўллаши ва иш топишини осонлаштириш мақсадида «Рақамли ёшлар» платформасини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Унда ёшларнинг таълими, касбий кўникмалари, тил билиш даражаси ва сертификатлари ҳақидаги маълумотлар жамланади. Шунингдек, уларга мос бўш иш ўринларини таклиф қилиш ва бандлигини кузатиб бориш имконияти яратилади.
Рақамли таълимга глобал технологик компанияларни жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили ушбу йўналишга 22 миллион долларлик грант маблағлари жалб қилинган. Бу кўрсаткични жорий йил якунигача 60 миллион долларга, 2030 йилга бориб эса йилига 100 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди.
Жорий йилда жалб қилинадиган грант маблағларининг ярми рақамли таълимга, қолган қисми эса малака ошириш дастурлари ҳамда чекка ҳудудларда рақамли таълим марказларини ташкил этишга йўналтирилади. Ушбу марказлар сунъий интеллект, робототехника ва дастурлашни ўргатиш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланади.
Президент рақамли таълимда фақат қамровни кенгайтириш билан чекланмасдан, ўқитиш сифати ва унинг бандликка таъсирини ҳам асосий мезон сифатида белгилаш кераклигини таъкидлади. Масъулларга белгиланган мақсадларга эришиш, ҳудудлардаги имкониятларни кенгайтириш, хусусий сектор ва халқаро ҳамкорлар билан ишлашни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, тақдимотда Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ишларининг бориши юзасидан ахборот берилди.






