АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси раиси Ҳалилур Раҳмонни қабул қилди

Учрашув аввалида давлат раҳбари Ҳалилур Раҳмонни БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси раиси этиб сайлангани билан табриклади.

'Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси раиси Ҳалилур Раҳмонни қабул қилди'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси, Бангладеш ташқи ишлар вазири Ҳалилур Раҳмонни қабул қилди. У 21–22 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган болалар фаровонлигига бағишланган Жаҳон саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари Ҳалилур Раҳмонни БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси раиси этиб сайлангани билан табриклади. Шунингдек, Ўзбекистон уни мазкур мақомда қабул қилган биринчи мамлакат экани таъкидланди.

Ўз навбатида, Ҳалилур Раҳмон Ўзбекистон Президентига БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломини етказди.

Мулоқотда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 15 та резолюция қабул қилган, уларнинг иккитаси жорий йилда маъқулланган.

Шунингдек, томонлар барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, тинчлик маданияти ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирган.

Учрашувда Бангладеш билан кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Ўзбекистон 2035–2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сургани ҳам қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар