Президентнинг тегишли қарори билан Таълим ва илм-фан вазирлигида бир қатор кадрлар тайинловлари амалга оширилди.
Ойбек Йўлдошев вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У тайинловга қадар 2018 йилдан бери «PwC Uzbekistan» компаниясининг давлат сектори, инфратузилма ва ESG бўйича консалтинг амалиёти директори лавозимида ишлаб келган.
Йўлдошев 1998 йилда «Коском» компаниясида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2003 йилда Буюк Британиянинг Лидс университети Бизнес мактабида иқтисодиёт йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган ва Тошкентдаги Вестминстер университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2012 йилда Миланда иқтисодиёт бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Меҳринисо Пардаева вазир ўринбосари лавозимига тайинланди. У 2021 йилдан буён Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бошқарма бошлиғи сифатида фаолият юритган. Пардаева педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ҳисобланади. У 2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги» ва 2012 йилда «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Шунингдек, Санжар Мирзалиев ҳам вазир ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимга қадар 2026 йил май ойидан Беларусь–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ижрочи директори бўлиб ишлаган.
Мирзалиев Тошкентдаги Турин политехника университетида бакалавриат ва докторантура (PhD) босқичларини тамомлаган. 2020 йил мартдан 2022 йил сентябргача Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва докторантура бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.






