Украина дронлари Россиянинг Самара вилоятида жойлашган “Тольяттикаучук” нефть-кимё заводига зарба берди. Ҳужум оқибатида корхона ҳудудида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Мониторинг каналлари маълумотига кўра, Украина дронлари Тольятти ва Нижнекамск шаҳарларидаги саноат объектларига ҳужум қилган. Тольяттидаги завод ракета ёқилғиси ишлаб чиқаришда қўлланиладиган компонентлар тайёрлаши айтилмоқда. Мазкур корхона октябрь ойи охирида ҳам дронлар ҳужумига учраган.
Самара вилояти губернатори Вячеслав Федоришев тун давомида ҳудуд осмонида 20 дан ортиқ дрон уриб туширилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳужумлар саноат корхоналарига қаратилган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ. Тольятти мери Илья Сухих ҳам шаҳарга оммавий дрон ҳужуми уюштирилганини тасдиқлади.
Россия Мудофаа вазирлиги эса мамлакатнинг 19 та ҳудуди ва Қрим яримороли осмонида жами 1017 та Украина дрони уриб туширилганини билдирди. Москва мери Сергей Собяниннинг маълум қилишича, пойтахт томон 542 та дрон учирилган. Уларнинг асосий қисми шаҳардан узоқда, 105 таси эса Москва яқинида йўқ қилинган.
Шунингдек, 28 ноябрь куни кечқурун Внуково ва Шереметьево аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш вақтинча чекланди. 29 ноябрь куни эрталаб эса аэропортлар фаолияти қайта тикланди.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ҳужумлар юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.






