АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Истанбулда ўзбекистонлик аёлларнинг паспортларини олиб қўйиб, мажбуран ишлатган гуруҳ фош этилди

Гумонланувчилар аёллар ишлаб топган маблағнинг 30–50 фоизини ўзлаштирган.

'Истанбулда ўзбекистонлик аёлларнинг паспортларини олиб қўйиб, мажбуран ишлатган гуруҳ фош этилди'ning rasmi

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароси бўлган аёлларнинг паспортларини олиб қўйиб, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Гуруҳ аъзолари аёллар ишлаб топган пулнинг 30–50 фоизини "комиссия" сифатида ушлаб қолган. Бу ҳақда Аhaber нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, жиноий гуруҳ хорижлик аёлларни ишга жалб қилиш учун сохта консалтинг компаниясини ташкил этган. Улар TikTok орқали жонли эфирлар ўтказиб, иш таклиф қилган ва қизиққан аёлларни кўрсатилган телефон рақамлари орқали боғланишга чақирган.

Тергов Истанбул полициясига ҳамда Президент ҳузуридаги алоқа марказига келиб тушган мурожаатлардан сўнг бошланган. Тезкор тадбир давомида гуруҳнинг тўрт нафар аъзоси қўлга олинган, 14 нафар жабрланувчи аёл эса қутқарилиб, ҳимояга олинган.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари аёлларни кутиб олиб, уларга шартнома имзолатган ва паспортларини олиб қўйган. Компания адвокати эса жабрланувчиларни полицияга топшириш билан қўрқитиб, мажбуран ишлашга ундаган.

Тинтув давомида электрон қурилмалар, мижозлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда "паспорт хўжайинда", "паспорт қолдирилди" каби ёзувлар туширилган дафтарлар топилган. Аёллар тозалаш ва бола парвариши хизматларини бажарган, бироқ келишилган иш ҳақининг ҳатто ярмини ҳам олмаган.

Жабрланувчилар Туркияда қонуний яшаш ва ишлаш рухсатномалари бўлмагани, паспортлари олиб қўйилгани ҳамда депортация билан қўрқитилгани сабабли бундай шароитга бўйсунишга мажбур бўлганини билдирган.

Айни вақтда жиноий гуруҳ раҳбари Меҳмет Мелих Ипекчига нисбатан қидирув эълон қилиш сўралган. Саккиз нафар гумонланувчига нисбатан одам савдоси жинояти бўйича 112 йилдан 168 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш сўралган. Айблов хулосаси суд томонидан қабул қилинган.

    Бошқа янгиликлар