АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига ҳужумларда Маскнинг Starlink тизимидан фойдаланган

Бу ҳақдаги маълумотлар Маскнинг норозилигига сабаб бўлган. Шунингдек, SpaceX камида икки нафар раҳбарни ишдан бўшатган.

'Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига ҳужумларда Маскнинг Starlink тизимидан фойдаланган'ning rasmi

Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига қарши ҳужумлар вақтида Илон Маскка тегишли Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланган. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Илон Маск бу ҳақда март ойида, Яқин Шарқда уруш бошланганидан кўп ўтмай хабар топган. Шу билан бирга, у АҚШ ҳарбийлари ҳам Starlink’дан фойдаланиш шартларини бузганини аниқлаган.

Қайд этилишича, Пентагон Starlink’нинг ҳарбий версияси — Starshield’дан ерда фойдаланиш учун мўлжалланган тарифни сотиб олган. Бироқ ундан дронларни бошқаришда ҳам фойдаланилган. Ҳаво қурилмалари учун мўлжалланган тариф эса бундан беш баравар қиммат бўлган.

The Washington Post манбаларига кўра, бу ҳолатлар Маскнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган. Айниқса, Эроннинг Starlink’дан фойдалангани унинг ғазабини келтирган. Чунки бундан бироз аввал, январь ойида у Украина ҳарбийларининг илтимосига кўра, Россиянинг Starlink тармоғидан фойдаланишини чеклаш чораларини кўрган эди.

Нашр манбаларидан бири Маск қоидалар бузилиши сабабли камида икки нафар раҳбарни ишдан бўшатганини айтган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги Эроннинг Starlink’дан фойдалангани ҳақидаги маълумотларга изоҳ беришдан бош тортган. Бироқ нашр манбасининг таъкидлашича, ёзда Пентагон раҳбари Пит Ҳегсетга тақдим этилган махфий ҳисоботда Эрон ушбу технология ёрдамида қўшинларни бошқаргани ва зарба берувчи дронлар операцияларини назорат қилгани баён этилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Эрон дрони Қувайтдаги АҚШ ҳарбий объектига ҳужум қилган. Оқибатда олти нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. Шундан сўнг SpaceX янги талаб жорий этган. Унга кўра, Starlink терминалларидан соатига 160 километрдан юқори тезликда фойдаланиш учун фойдаланувчилар шахсини тасдиқлаши шарт.

"Starlink терминаллари нархини тўрт баравар оширди ва биздан рўйхатдан ўтиш ҳамда шахсимизни тасдиқлашни талаб қилди. Бу ҳамманинг ғазабини келтирди", — деган учувчилардан бири.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати бир неча йил давомида Илон Маскдан Украина ва Яқин Шарқдаги Starlink фаолиятини ўзгартиришни сўраб келгани хабар қилинганди. Жо Байден ва Дональд Трамп маъмуриятлари турли можаролар давомида Starlink тармоғини ёқиш ёки ўчириш масаласида SpaceX билан мунтазам мулоқот олиб борган.

    Бошқа янгиликлар