АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда 54 миллион долларлик тўқимачилик фабрикаси фаолияти билан танишди

Фабрика йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга. Лойиҳа доирасида 840 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.

'Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда 54 миллион долларлик тўқимачилик фабрикаси фаолияти билан танишди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида "Қашқадарё" эркин иқтисодий зонасида жойлашган "Султон Тех Груп" кластерининг янги мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

2026 йил 13 мартда қабул қилинган қарор доирасида ташкил этилган корхонанинг умумий қиймати 54 миллион долларни ташкил этади. Фабрика йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга. Лойиҳа доирасида 840 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.

Корхонада сув ва энергия тежамкор технологиялар жорий этилган. Қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлатилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта фойдаланиш имконини беради. Бу орқали йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалади.

Фабрикада узлуксиз электр таъминоти учун газ генератори ўрнатилган. Бино томи ва деворларига умумий қуввати 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилган. Бу ечимлар энергия харажатларини камайтириш ва маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.

"Султон Тех Груп" кластерининг режалари ҳам кенг. Корхона "Қашқадарё" эркин иқтисодий зонасининг ўзида 70 миллион долларлик янги лойиҳани амалга ошириб, 3 570 та иш ўрни яратишни режалаштирмоқда. Вилоятнинг бошқа туманларида эса 17 миллион долларлик лойиҳалар орқали яна 1 220 кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиб, корхонада жорий этилган «яшил» технологияларни юқори баҳолади.

"Инсон меҳнат қилса, албатта, натижаси ҳам бошқача бўлади. Мана шу янги авлод тадбиркорларимиз билан ҳозир мутлақо бошқа даражага чиқяпмиз, улар нафақат қўшимча қиймат занжири яратяпти, балки “яшил” технологиялар билан экологияга ғамхўрлигини ҳам намоён этмоқда", — деди Шавкат Мирзиёев.

    Бошқа янгиликлар