Бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қонунга кўра, ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфнинг ёзилиши такомиллаштирилди:
-
O‘ → Ö
-
G‘ → Ğ
-
Sh → Ş
-
Ch → Ç
Янги тартиб жорий этилиши муносабати билан амалдаги ҳужжатлар, дарсликлар ва бошқа материалларни дарҳол алмаштириш талаб этилмайди.
Улар яроқлилик муддати тугагач ёки навбатдаги янгиланиш жараёнида янги алифбога мослаштириб борилади. Шу тариқа, янги алифбога ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади.
Саида Мирзиёева 2023 йил 11 декабрь куни жадидлар меросига бағишланган конференцияда алифбони такомиллаштириш ташаббусини илгари сурган эди.
"Яна бир бор таъкидлайман, гап Ватан ва Миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур, деб ҳисоблайман!" — деган эди Саида Мирзиёева.






