Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзолади.
"Ниҳоят, кўп йиллик тарихий хато тузатилди. Бугун Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзоладилар", — деди у.
Президент администрацияси раҳбари алифбо масаласи йиллар давомида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келганини қайд этди. У 2023 йил 11 декабрь куни жадидлар меросига бағишланган конференцияда ҳам алифбони тузатиш ва бу борадаги баҳсларга нуқта қўйиш вақти келганини айтганини эслатди.
"Албатта, ўзгаришлар осон кечмайди, кимлардадир эътироз ёки хавотир уйғотиши ҳам табиий. Лекин, ишонинг, ёзувимиздаги ноқулайликларга барҳам бериш ва тилимизнинг рақамли макондаги ўрнини мустаҳкамлаш учун бошқа йўл йўқ эди", — деди Саида Мирзиёева.
Унинг билдиришича, амалдаги барча ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади. Дарсликлар, пешлавҳалар ва кўрсаткичлар эса яроқлилик муддати тугагач, босқичма-босқич алмаштирилади.
Саида Мирзиёева қонуннинг 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунида имзоланишида рамзий маъно борлигини таъкидлади.
"Тузатилган алифбомиз маърифатпарвар аждодларимиз орзуси, ёшларимиз саводхонлиги ва тилимиз мавқеини юксалтиришга хизмат қилишига ишонаман. Барчангизни Ўзбек тили байрами куни билан табриклайман!" — деди Президент администрацияси раҳбари.






