АсосийСИЁСАТ

Президент Қашқадарёда 6 миллиард долларлик лойиҳага старт берди

Президентнинг Қашқадарёга ташрифи доирасида жами 161 та лойиҳа тайёрланган бўлиб, уларнинг 69 таси ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилиши бошланди.

'Президент Қашқадарёда 6 миллиард долларлик лойиҳага старт берди'ning rasmi

21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳани ишга тушириш ва қурилиш ишларини бошлаш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда таъкидланишича, сўнгги беш йилда Қашқадарё вилоятига 20 триллион сўм маблағ йўналтирилган ва 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. Хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган минглаб лойиҳалар ишга туширилган, аҳоли жон бошига даромад эса уч баробар ошган.

"Энди етиштирилган маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, воҳа аҳолисининг муносиб даромад топишига шароит яратиш керак", — деди Президент.

Шу мақсадда умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳа тайёрланган. Маросимда уларнинг 69 таси ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди.

Ишга туширилаётган 28 та саноат корхонасида қарийб 7 мингта доимий иш ўрни яратилади. Жумладан, Италиянинг "Cotonella" бренди йилига 8,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

Шунингдек, Косон, Миришкор ва Касби туманларида тўқимачилик соҳасида яна 14 та лойиҳа бошланмоқда. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 18 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида ҳам янги қувватлар ташкил этилмоқда. Америкалик ҳамкорлар иштирокидаги "Wosune Food Ingredients Karshi" корхонаси 3,5 минг гектар майдонда етиштириладиган 100 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайди. Қиймати 40 миллион долларлик маҳсулотларни "Nestlé" ва "Purina" каби халқаро брендларга етказиб бериш режалаштирилган.

Миср ва Покистон инвесторлари эса Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириб, картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини амалга оширмоқда.

"Яшил" иқтисодиёт ҳам вилоят тараққиётининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта гидроэлектр станцияси ишга туширилган.

Қарши туманида Хитойнинг "Shanghai SUS" компанияси иштирокида чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарадиган 150 миллион долларлик заводни йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида эса умумий қуввати 58 мегаватт бўлган тўққизта микроГЭС барпо этилади.

Бундан ташқари, Китоб туманида Озарбайжон билан ҳамкорликда олтин қазиб олиш лойиҳаси бошланмоқда. Шаҳрисабз туманида эса россиялик инвесторлар билан 300 миллион долларлик дор йўли, меҳмонхона ва тоғ чанғиси курорти мажмуасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Президент хорижий ҳамкорлар ва инвесторларга вилоятга сармоя, янги технологиялар ва инновациялар олиб кираётгани учун миннатдорлик билдириб, уларнинг таклифларини тинглади.

"2027 йил Қашқадарёни замонавий саноат ва агротехнологиялар асосида ривожлантириш йили бўлади", — деди давлат раҳбари.

Тадбир якунида Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва бошқа лойиҳалар қурилишига старт берди.

    Бошқа янгиликлар