АсосийДУНЁ

Трамп сайловлар арафасида Канадага ён берди: тарифлар юмшатилади

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 30 октябрдан Канада товарларига жорий этилган айрим 50 фоизлик тарифларни юмшатади.

'Трамп сайловлар арафасида Канадага ён берди: тарифлар юмшатилади'ning rasmi

АҚШ маъмурияти оралиқ сайловларга икки ҳафта қолганда Канада товарларига жорий этилган айрим 50 фоизлик тарифларни юмшатишга қарор қилди. Бундан аввал республикачи сенатор Сьюзан Коллинз ушбу ўзгаришга эришиш учун Трамп маъмурияти билан музокаралар олиб борганини маълум қилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Оқ уй маълумотига кўра, 30 октябрдан фанера, айрим қоғоз маҳсулотлари, машина ва совитиш ускуналарига қўйилган тарифлар юмшатилади. Шу билан бирга, айрим маҳсулотларга, жумладан, гиламлар ва чиқинди маҳсулотларига янги тарифлар жорий этилади.

АҚШ август ойида икки давлат ўртасидаги савдо музокаралари барбод бўлганидан кейин Канададан келтириладиган 20 миллиард долларлик товарларга 50 фоизлик бож белгилаган эди. Канада ҳам бунга жавобан Америка маҳсулотларига қарши чоралар кўрди.

Мэн штати сенатори Сьюзан Коллинз тарифлардан берилган имтиёзлар штатдаги кўк мева, картошка, олма ва денгиз ўтлари етиштирувчиларига ёрдам беришини айтди.

Бироқ унинг Демократик партиядан бўлган рақиби Трой Жексон Трампнинг савдо сиёсати аҳоли харажатларини оширганини таъкидлаб, Коллинзни аввал ушбу сиёсатни қўллаб-қувватлаганликда айблади.

Мэн штати иқтисодиёти Канаданинг савдо алоқаларига узвий боғлиқ бўлиб, тарифлардан келиб чиққан муаммолар чегара ҳудудларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп Канада савдо келишувига эришиш учун жиддий ҳаракат қилаётганини айтди. Канада бош вазири Марк Карни эса мамлакат ўзаро манфаатли келишувга тайёрлигини, зарур бўлса, бунинг учун бир неча ой ёки ундан кўпроқ кутишга ҳам рози эканини билдирди.

Тарифларни юмшатиш ҳақидаги қарор АҚШдаги оралиқ сайловлар арафасида қабул қилинди. Сайлов натижалари Конгресс устидан қайси партия назорат ўрнатишини белгилайди.

    Бошқа янгиликлар