Римдаги машҳур Треви фавворасига кириш учун икки евро тўлов жорий этилганидан кейин у ердан йиғиладиган хайрия маблағлари камайди. 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида тушган тангалар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 200 минг еврога қисқарган. Бу ҳақда The Guardian Caritas Roma хайрия ташкилоти маълумотларига таяниб хабар берди.
Февраль ойидан бошлаб сайёҳлар фаввора олдидаги махсус ҳудудга кириш учун икки евро тўлаши белгиланган. Мазкур тартиб Рим аҳолисига татбиқ этилмайди. Чекловдан кўзланган мақсад фаввора атрофидаги сайёҳлар гавжумлигини камайтириш бўлган.
Авваллари Caritas Roma ташкилоти фаввора тубидан ҳар йили 1,4 миллион евродан ортиқ танга йиғарди. Ушбу маблағлар эҳтиёжмандларга озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш ва бошқа ижтимоий дастурларни молиялаштиришга сарфланади.
Ташкилот директори Жустино Тринчанинг фикрича, хайрия маблағлари камайишига сайёҳларнинг фаввора сувига яқин бориши чеклангани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, нақд пулсиз тўловлар оммалашгани ҳам таъсир кўрсатган: сайёҳлар тобора камроқ танга олиб юрмоқда.
Шу билан бирга, Рим шаҳар ҳокимияти янги тартиб жорий этилганидан кейинги биринчи ойда чипта савдосидан 435 194 евро даромад олган. Бу маблағлар Треви фаввораси ва шаҳардаги бошқа тарихий обидаларни сақлашга йўналтирилади. 2025 йилда фавворага қарийб 4,4 миллион сайёҳ ташриф буюрган.
Маълумки, анъанага кўра, сайёҳлар Римга яна қайтиш истагида Треви фавворасига елкаси оша танга ташлайди. Бу одат 1954 йилда суратга олинган «Фавворадаги уч танга» фильми орқали бутун дунёга машҳур бўлган.






