SpaceX асосчиси Илон Маск Украина Қуролли кучларини Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан дронлар орқали ҳужумлар уюштиришда фойдаланганликда айблади. Унинг таъкидлашича, тизимдан бундай мақсадларда фойдаланишга рухсат берилмаган. Бу ҳақда тадбиркор X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Маскнинг айтишича, Starlink фуқаролик мақсадларига мўлжалланган тижорий алоқа хизмати ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, Украина ҳарбийлари хизматдан фойдаланиш шартларини бузган ва мазкур чеклов ўтган ҳафта бартараф этилган.
Шунингдек, тадбиркор Starshield тизими Starlink’дан фарқ қилиши, у АҚШ ҳукумати назорати остида эканини қайд этди.
Маск Starlink Украина мудофааси учун муҳим аҳамиятга эга эканини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу тизим ҳозирча тўсиб қўйиш ёки ишдан чиқариш имкони бўлмаган ягона алоқа воситаси бўлиб қолмоқда.
«Агар Starlink ўчириб қўйилса, Украинанинг фронт чизиғи дарҳол қулаши мумкин. Бу таҳдид эмас, балки факт», — деб ёзди у.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, Россия босқинининг дастлабки кунларида ҳам Starlink Украина учун муҳим роль ўйнаган. У бошқа алоқа воситалари Россия томонидан йўқ қилинган ёки тўсиб қўйилган шароитда ушбу тизим мамлакат мудофаасига ёрдам берганини билдирган.
Маск, шунингдек, SpaceX Украина мудофааси учун бошқа ҳар қандай хусусий компаниядан кўра кўпроқ иш қилганини таъкидлади.






