Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳудудларни алмашиш натижасида Қирғизистон ихтиёрига ўтган 170 та уй Баткен вилоятидаги чегара можароларидан жабрланган фуқароларга тақсимланади. Ушбу уйлар 2021–2022 йиллардаги қуролли тўқнашувлар оқибатида бошпанасиз қолган аҳолига берилади.
Бу ҳақда “24.kg” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Баткен вилоятидаги вакилининг маълум қилишича, уй-жойлар чегарадаги қуролли можароларда жабрланган фуқароларга ажратилади.
Уйларни тақсимлаш масаласини Президент вакилининг биринчи ўринбосари Бактибек Токсонбаев раҳбарлигидаги вилоят ишчи гуруҳи кўриб чиққан.
Йиғилишда можаро вақтида бир ер участкасида жойлашган ва яшаш учун яроқсиз ҳолга келган иккита уйнинг эгаларини бошпана билан таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Маълум қилинишича, ҳудудларни алмашиш натижасида Қирғизистон ихтиёрига жами 213 та уй ўтган. Уларнинг 170 таси яшаш учун яроқли деб топилган.
Яқин кунларда ушбу уйлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли фуқароларга топширилади.
Бактибек Токсонбаев ишчи гуруҳи аъзолари ва масъул раҳбарларга уйларни тақсимлаш жараёнида қонун талабларига риоя этиш, масалани холис ва адолатли кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.






