Эроннинг Хузистон вилоятидаги Абдулхон — Шуш йўналишида йўловчи автобуси ағдарилиб кетди. Ҳодиса оқибатида 18 киши, жумладан, 14 нафар аёл ва 4 нафар эркак жароҳат олди.
Маълум қилинишича, йўл-транспорт ҳодисаси 8 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 01:10 да Абдулхон аҳоли пунктидан Шуш шаҳри томон чиқиш йўлида содир бўлган.
Хузистон вилояти Жунди Шопур тиббиёт университети ҳузуридаги шошилинч тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Меҳрон Аҳмадий Булуткийнинг маълум қилишича, хабар келиб тушиши билан Қарха, Шуш ва Аҳвоз шаҳарларидан тез тиббий ёрдам бригадалари ҳодиса жойига юборилган.
Жабрланганларга воқеа жойида дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган. Сўнг улар Шуш шаҳридаги “Низом Мофий” ҳамда Аҳвоз шаҳридаги “Гулистон” шифохоналарига етказилган.
Қайд этилишича, қутқарув ишларига Қархадан 2 та, Шушдан 2 та, Аҳвоздан 2 та тез тиббий ёрдам машинаси ва Қизил Ярим Ой жамиятининг 1 та махсус автомобили жалб қилинган.
Меҳрон Аҳмадий Булуткий ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган. У тезликни оширмаслик, оралиқ масофани сақлаш, йўл шароитини ҳисобга олиш ва узоқ йўлга чиқишдан олдин етарлича дам олиш муҳимлигини таъкидлаган.






