Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни шахсий маълумотлари даркнетда тарқатилгани ва ўзи ҳамда оила аъзоларига таҳдидлар бўлаётганини маълум қилди. Мамлакат Бош вазири Жоржа Мелони ушбу киберҳужум ортида Россия тарафдори бўлган хакерлар турганини айтмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Италия Ташқи ишлар вазири ва Бош вазир ўринбосари Антонио Таянининг билдиришича, у мамлакатнинг Украинани қўллаб-қувватлаш сиёсати туфайли кибержиноятчилар нишонига айланган.
“Кибержиноятчилар бир неча кундан буён шахсий маълумотларимни даркнетда тарқатмоқда. Улар мен ҳақимда қўшимча маълумотлар тўплашга уриниб, янги таҳдидлар қилмоқда. Ҳатто оиламни ҳам бу жараёнга аралаштириб, мен ва яқинларим ҳақидаги маълумотлар учун пул таклиф қилмоқда”, дейди вазир.
Таянининг таъкидлашича, мазкур ҳолат нафақат Италиянинг ташқи сиёсати, балки мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ахборот тизимларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 январидан Италия Ташқи ишлар вазирлигида киберхавфсизлик бўйича махсус бўлинма иш бошлаган. Ушбу тузилма киберҳужумларга, жумладан, хорижий давлатлар билан алоқадорлиги тахмин қилинаётган гуруҳлар фаолиятига қарши курашмоқда.
“Мени ҳеч нарса билан қўрқитиб бўлмайди. Вазирлигим ва Италияни ҳимоя қилиш йўлида ишлашда давом этаман. Иттифоқчиларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаб, ўзаро ҳамкорликни кучайтирамиз. Чунки фақат биргаликда ўзимизни ҳимоя қила оламиз”, деган Таяни.
Италия Бош вазири Жоржа Мелони ҳам вазирни қўллаб-қувватлаб, ҳужумда Россия тарафдори бўлган хакерларни айблаган.
Ҳукумат раҳбарининг фикрича, давлат амалдорларининг махфий маълумотларини сотишга уриниш жиддий хавотир уйғотади ва бундай ҳаракатларга қатъий чоралар билан жавоб қайтарилиши лозим.
“Reuters” агентлиги танишган скриншотларга кўра, Антонио Таяни Россияга нисбатан “душманона муносабатда бўлган 18 киши” рўйхатига киритилган. Мазкур рўйхатдан киберхавфсизлик соҳаси мутахассислари ҳам ўрин олган.
Вазирга яқин манбанинг билдиришича, ушбу маълумотлар “Tor” тармоғи орқали кириш мумкин бўлган даркнет саҳифаларидан бирини кузатиш жараёнида аниқланган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан текширув давом этмоқда. Россия расмийлари эса мазкур воқеага ҳозирча муносабат билдирмаган. Москва бунга қадар ҳам хорижда содир этилган киберҳужумларга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни бир неча бор рад этган.






