Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида икки фуқаронинг хонадонидан жами 1 килограмм 400 грамм гиёҳвандлик ва синтетик моддалар аниқланди. Гумонланувчилар қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
Дастлаб, 1995 йилда туғилган Отажоновнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув жараёнида сейфдан турли моддалар солинган ўрамлар, уларни қадоқлаш учун мўлжалланган рангли изолента, зип-пакетлар ва электрон тарози топилган.
Тезкор тадбирнинг кейинги манзили ҳам Мирзо Улуғбек туманидаги Иқтидор маҳалласи бўлган. У ерда 1996 йилда туғилган Муҳаммадиевнинг хонадони омборхонасидан турли кўринишдаги кукунсимон ва тошсимон моддалар, зип-пакетлар ҳамда электрон тарози аниқланган.
Икки хонадондан топилган жами 1 килограмм 400 грамм гиёҳвандлик ва синтетик моддалар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Айни пайтда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






