Полшада 7 ноябрь куни Краков шаҳри марказида одамларга қарата ўқ узган 24 ёшли шахснинг яшаш манзилидан уч кишининг жасади топилди. Улар гумонланувчининг ота-онаси ва синглиси экани тасдиқланган. Бу ҳақда маҳаллий полиция маълум қилди.
Қайд этилишича, 53 ёшли эркак, 52 ва 21 ёшли аёлларнинг жасади Краковдан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган Островец-Свентокшиски шаҳридаги хонадондан топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар ўқотар қуролдан жароҳатланган.
Эслатиб ўтамиз, 7 ноябрь куни 24 ёшли шахс Краков шаҳрининг тарихий марказидаги Бош майдонда автомобилда ҳаракатланиб, тасодифий ўткинчиларга қарата ўқ узган. Ҳодиса оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида икки нафар полиция ходими ҳам бор.
Ҳужумчи полиция билан отишмадан сўнг жароҳатланиб, қўлга олинган ва шифохонага олиб кетилган. Унинг уйидан еттита ўқотар қурол ҳам мусодара қилинган.
Полша ички ишлар вазири Марчин Кервиньскийнинг маълум қилишича, гумонланувчи ўта ўнг радикал мафкурага қизиққан. Бироқ ҳужумнинг аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас.
Мамлакат Бош вазири Дональд Туск Краковдаги ҳужумни террорчилик ҳаракати деб атаган. Фожиа муносабати билан Полшада 8 ва 9 ноябрь кунлари миллий мотам эълон қилинган.






