АсосийДУНЁ

Мисрда икки поезд тўқнашиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, 88 нафар йўловчи жароҳатланди

Айни вақтда ҳодиса жойида авария оқибатларини бартараф этиш ва темирйўл қатновини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

'Мисрда икки поезд тўқнашиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, 88 нафар йўловчи жароҳатланди'ning rasmi

Мисрнинг Гиза вилоятида икки йўловчи поезди тўқнашиб кетди. Ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, яна 88 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, темирйўл ҳалокати 8 ноябрь куни Гиза вилоятидаги Кафр-Аммар ва Ал-Раққа станциялари оралиғида содир бўлган.

Мисрнинг “Al Mal” нашри миллий темирйўл компанияси маълумотларига таяниб хабар беришича, Гизадан Файюмга йўл олган 134-сонли поезд Қоҳирадан Асвонга ҳаракатланаётган 2010-сонли поезднинг орқа қисмига келиб урилган. Тўқнашув натижасида бир нечта йўловчи вагони релсдан чиқиб кетган.

Ҳодиса жойига қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари ва махсус темирйўл техникалари сафарбар этилган. Жароҳатланганларни шифохоналарга олиб бориш учун 52 та тез ёрдам машинаси жалб қилинган.

Жабрланганлар Гиза ва Бани-Сувайф вилоятларидаги шифохоналарга етказилган. Уларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш тартибига ўтказилган.

Айни вақтда ҳодиса жойида авария оқибатларини бартараф этиш ва темирйўл қатновини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Поездлар тўқнашувига нима сабаб бўлгани ваколатли органлар томонидан ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни Испаниянинг Толедо провинциясида ҳам икки тезюрар поезд тўқнашган эди. Ўшандаги ҳалокат оқибатида 74 киши ҳалок бўлган, 100 нафардан ортиқ одам жароҳатланган. Ҳодисадан сўнг Испания транспорт вазири лавозимидан кетишини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар