АсосийДУНЁ

Мисрда икки йўловчи поезди тўқнашди: етти киши ҳалок бўлди

Ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлди, камида 125 нафар одам жароҳатланди.

'Мисрда икки йўловчи поезди тўқнашди: етти киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Миср пойтахти Қоҳиранинг жанубида икки йўловчи поезди тўқнашиб кетди. Ҳодиса оқибатида етти киши, жумладан, поезд машинисти ҳалок бўлди, камида 125 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳалокат 8 ноябрь куни Гиза вилоятининг Ал-Айят туманида, Қоҳирадан 52 километр жанубда содир бўлган. Миср Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Фаюм вилоятига кетаётган поезд Асуонга йўл олган бошқа поезднинг орқа қисмига келиб урилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Фаюм — Гиза йўналишидаги поезд шу йўналишда ҳаракатланаётган, бироқ тўхтаб турган Қоҳира — Асуон поездининг охирги вагонига бориб урилган. Ҳодиса жойида прокуратура терговчилари текширув ўтказган.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги жароҳатланганларнинг 70 нафардан ортиғи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг шифохонадан чиқарилганини маълум қилган.

Ҳодиса содир бўлган ҳудуд аҳолиси поезд вагонларида қолиб кетган йўловчиларни қутқаришга ёрдам берган. Маҳаллий аҳоли вакили Айман Гамалнинг сўзларига кўра, у жароҳатланганларнинг қарийб 80 нафари тез ёрдам машиналарида шифохоналарга олиб кетилганини кўрган. Шунингдек, тўхтаб турган поезд вагонларидан олиб чиқилган айрим йўловчилар аллақачон вафот этган бўлган.

Ҳалокатдан омон қолган Фарҳа Гамалнинг айтишича, тўқнашувдан кейин айрим вагонлар бутунлай пачоқланган. Йўловчилар кўтарилган чанг сабаб нафас олишда ҳам қийналган. Уларни яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолиси вагонлардан олиб чиққан.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ҳалокат сабабларини аниқлаш учун зудлик билан тергов ўтказишни буюрган. Вайроналарни олиб ташлаш ва поездлар қатновини тиклаш учун ҳодиса жойига фавқулодда хизматлар ҳамда кранлар юборилган.

    Бошқа янгиликлар