8 ноябрь куни Берлинда фаоллар Рейхстаг биноси олдидаги Германия байроғини тушириб, унинг ўрнига Фаластин байроғини кўтарди. 22 ёшли йигит альпинистлар фойдаланадиган махсус жиҳозлар ёрдамида 30 метрлик байроқ устунига чиқиб, Германия байроғини ечиб ташлаган ва унинг ўрнига Фаластин байроғини илган.
Die Zeit нашрининг хабар беришича, фаол байроқни алмаштирганидан сўнг устундан тушишда қийналган. Қарийб бир соатдан кейин ерга тушган йигит полиция томонидан қўлга олинган. Унга пастдан ёрдам берганликда гумонланаётган яна икки киши ҳам ушланган.
Anadolu агентлиги маълум қилишича, акция Peacefully Against Genocide ("Геноцидга тинч йўл билан қарши") гуруҳи томонидан ташкил этилган.
Гуруҳ вакиллари ушбу ҳаракатни Фаластин билан бирдамлик белгиси ҳамда Германия сиёсатчиларининг фаластинликларга нисбатан геноцид ва инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши чора кўрмаётганига норозилик сифатида изоҳлаган.
Ҳодиса юзасидан давлат рамзларини таҳқирлаш, намойишлар тўғрисидаги қонунни бузиш ва рухсат этилмаган ҳудудга кириш бўйича тергов олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Рейхстаг биноси олдидаги «Бирлик байроғи» Германиянинг асосий расмий байроқларидан бири ҳисобланади. У илк бор 1990 йил 3 октябрга ўтар кечаси Германиянинг қайта бирлашиши муносабати билан кўтарилган. Майдони 60 квадрат метр бўлган ушбу байроқ умуммиллий мотам кунларида ҳам туширилмайди.
Peacefully Against Genocide гуруҳи аввал ҳам Германиянинг Исроилга қурол етказиб бериши ва ҳукумат сиёсатига қарши бир неча бор намойиш ўтказган. 2025 йил ноябрь ойида гуруҳ фаоллари Бранденбург дарвозасига кўтарилиб, рангли тутун чиқарувчи машъалаларни ёққан. Улар Фаластин байроқлари ва Фаластинга озодлик бериш ҳамда геноцидни тўхтатишга чақирувчи баннерларни намойиш этган.






