Хитой шимолидаги Шанси провинцияси маркази Тайюань шаҳрида жойлашган кўп қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Яна 38 киши шифохонага олиб кетилган. Бу ҳақда хорижий магбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, ёнғин 8 ноябрь куни соат 16:59 да шаҳарнинг Инцзе туманидаги Люсян жанубий кўчасида жойлашган бинода юз берган. Ёнғин тахминан икки соат давомида ўчирилган. Қутқарув ишлари шу куни соат 20:30 гача якунланган.
Дастлаб ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлгани ва 38 киши шифохонага ётқизилгани хабар қилинган. Кейинчалик қурбонлар сони 14 нафарга етган. 9 ноябрь куниги маълумотга кўра, 25 киши шифохонада даволанишни давом эттирмоқда, улардан тўққиз нафари оғир аҳволда.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






