АсосийСИЁСАТ

Ўзбекистонда давлат харидлари бўйича уч йиллик режалар олдиндан эълон қилинади

2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади.

'Ўзбекистонда давлат харидлари бўйича уч йиллик режалар олдиндан эълон қилинади'ning rasmi

Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади. Бу тадбиркорларга талабни олдиндан билиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторларни жалб этиш имконини беради. Бу ҳақда 9 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ва инвесторлар билан ўтказаётган мулоқотда маълум қилинди.

Қайд этилишича, давлат харидлари доирасида мамлакатда ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинади.

Илгари тадбиркорлар давлат корхоналарининг буюртмаларини тўрт-бешта алоҳида платформа орқали кузатишга мажбур бўлган. Эндиликда барча давлат буюртмалари ягона платформада акс эттирилади.

Шунингдек, давлат харидларида маҳсулотни фақат энг арзон нархига қараб танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Чунки арзон импорт маҳсулотларининг кейинги эксплуатация харажатлари анча юқори бўлиши мумкин.

Масалан, назорат хариди доирасида ўрганилган иккита 40 киловаттли трансформатордан импорт маҳсулоти маҳаллий маҳсулотдан 400 минг сўм арзон бўлган. Бироқ унинг электр энергияси сарфи 10 фоизга, фойдаланиш давридаги таъмирлаш харажатлари эса тўрт баробарга юқори экани аниқланган.

Шу сабабли давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларини баҳолаш тизими — "life cost" ёндашуви жорий этилади. Бунда харид нархи билан бирга электр энергияси сарфи, таъмирлаш, сервис ва фойдаланиш харажатлари ҳам ҳисобга олинади.

    Бошқа янгиликлар