Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги III медиа форум бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг "ТАСС0" ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат идоралари, етакчи медиахолдинглар, IT-сектор ва креатив индустрия вакилларидан иборат 200 дан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.
Форумнинг очилиш маросими ва ялпи мажлисида Ўзбекистон президенти администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи — президент матбуот котиби Шерзод Асадов нутқ сўзлади. Унда икки давлат медиа соҳасидаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, ахборот маконидаги глобал чақириқлар ва келгусидаги устувор вазифалар ҳақида сўз борди.
Шерзод Асадов форум Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликнинг муҳим ифодаси эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасидаги дўстлик ҳамда ишонч барча соҳалар, жумладан, медиа йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон медиа маконидаги ўзгаришлар
Президент матбуот котиби сўнгги йилларда мамлакат миллий медиа маконида амалга оширилган ўзгаришларга ҳам тўхталди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда қарийб 2,7 мингта оммавий ахборот воситаси фаолият юритади. Уларнинг 67 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, жорий йилда нашриёт соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми икки баробарга ошган. 15 минг номдаги китоб 60 миллион нусхадан ортиқ ададда чоп этилган.
Мамлакатда интернет қамрови 94 фоизга етган. 2017 йилда фаол контент истеъмолчилари сони 14,7 миллион нафар бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 32,7 миллиондан ошган. Бу эса блогосферанинг ривожланиши ва блогерларнинг ахборот маконидаги ўрни ортишига замин яратган.
Бундан ташқари, Контент маркази томонидан бир йил давомида тайёрланган 26 мингдан зиёд медиамаҳсулот қарийб 2 миллиард марта томоша қилинган. Марказий Осиёда илк бор ишга туширилган Миллий медиабанкка мамлакат ҳақидаги ўн минглаб фото ва видеоматериаллар жойлаштирилган.
Дезинформацияга қарши ҳамкорлик зарурлиги таъкидланди
Шерзод Асадов сунъий интеллект ривожланиши билан фейк ва дипфейклар кўпайиб бораётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, ахборот манипуляциясига қарши курашиш нафақат таҳририятлар, балки миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим масалага айланган.
"Ҳеч бир миллий медиа тизими бундай чақириққа қарши ёлғиз ўзи кураша олмайди. Турли дезинформация ва ахборот ҳужумлари давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида тушунмовчилик ҳамда ихтилоф пайдо бўлишига сабаб бўлмаслиги керак", — деди у.
Медиа соҳасидаги ҳамкорликнинг тўрт устувор йўналиши
Шерзод Асадов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги медиа ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича тўртта асосий йўналишни таклиф қилди.
Биринчиси — тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш. Бу борада тизимли стажировкалар, қўшма журналистика мактаблари ва умумий таълим платформаларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Иккинчиси — дезинформацияга қарши биргаликда курашиш. Асадов Ўзбекистонда ушбу йўналишда махсус таълим платформаси ишга туширилгани ва 11 минг нафар ёш мутахассис ўқитилганини маълум қилди. Шунингдек, ахборотни текширишнинг умумий стандартларини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Учинчиси — технологик шериклик. Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва катта маълумотлар (Big Data) билан ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Тўртинчиси — тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш. Таҳририятлар, журналистлар ва блогерлар ўртасида мунтазам мулоқот ўрнатиш барқарор ҳамкорликнинг муҳим шарти сифатида қайд этилди.
Шерзод Асадов нутқини Алишер Навоийнинг «Кимки дўст топса, хазина топибди» деган ҳикмати билан якунлади. У форум икки мамлакат вакиллари учун янги ҳамкорлар топиш, қўшма лойиҳаларни бошлаш ва халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Форум доирасида тўртта панел сессияси, кибермаконда ахборот хавфсизлиги ва болаларни ҳимоя қилишга бағишланган махсус семинар ҳамда B2B музокаралари ўтказилмоқда.






