АсосийСИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев "NURA Electric" корхонаси фаолияти билан танишди

Президент Тошкент вилоятидаги "NURA Electric" заводи фаолияти билан танишиб, маҳаллий лойиҳа институтлари улушини энергетика лойиҳаларида камида 50 фоизга етказиш вазифасини қўйди.

'Шавкат Мирзиёев "NURA Electric" корхонаси фаолияти билан танишди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган "NURA Electric" корхонаси фаолияти билан танишди.

Корхона юқори ва паст кучланишли электротехника ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 20 гектар майдонда жойлашган заводда мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. Бу ерда тақсимлаш қурилмалари, подстанциялар, автоматика шкафлари ва электр шиналари каби 1,5 мингдан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 мингдан ортиқ ускунани ташкил этади.

Заводда Япония ва Туркия ишлаб чиқарувчиларига тегишли 120 дан ортиқ ускуна ўрнатилган. Ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари SAP ERP рақамли платформаси орқали мувофиқлаштирилади. Шунингдек, корхона аккредитациядан ўтган синов лабораториясига эга.

Давлат раҳбари корхона маҳсулотларини ички бозорга етказиб беришни кенгайтириш, Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатларга экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди. Шу билан бирга, маҳаллий инжинирингни ривожлантириш ва энергетика лойиҳаларида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Хусусан, энергетика лойиҳаларини ишлаб чиқишда маҳаллий лойиҳа институтлари улушини камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун ҳудудларда энергетика соҳасига ихтисослашган лойиҳа институтлари филиалларини ташкил этиш режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар