АсосийДУНЁ

Туркиядаги металлургия заводида портлаш: олти киши ҳалок бўлди

Ҳодиса оқибатида 13 киши жароҳатланган, яна саккиз нафар ишчи вайроналар остида қолган бўлиши мумкин.

'Туркиядаги металлургия заводида портлаш: олти киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Туркиянинг ғарбий қисмидаги металлургия заводида содир бўлган кучли портлаш ва ёнғин оқибатида олти киши ҳалок бўлди, яна саккиз нафар ишчи вайроналар остида қолган бўлиши мумкин. Ҳодиса оқибатида 13 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Ҳодиса 9 ноябрь куни Измир вилоятининг Алиаға туманида жойлашган HABAS металлургия заводида содир бўлган. Вилоят губернаторлиги маълумотига кўра, жароҳатланганларнинг икки нафари оғир аҳволда.

Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа суюқ пўлат қуйиш жараёнида юз берган. Шу вақтда заводдаги кўприксимон кран узилиб, эритиш печига тушган. Портлашдан сўнг корхона ҳудудида кучли ёнғин чиққан.

Айни вақтда вайроналар остида қолган ишчиларни қутқариш ишлари давом этмоқда. Измир губернаторлиги ҳодиса юзасидан тергов бошланганини маълум қилган. Ҳолатни ўрганиш учун тўрт нафар прокурор жалб этилган.

Измир шаҳар ҳокими Жамил Тугай қурбонлар ва жароҳатланганларнинг аниқ сони вайроналар тўлиқ тозалангандан кейингина маълум бўлишини билдирган.

Маълумот учун, HABAS заводи 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, йилига 4,5 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш қувватига эга.

    Бошқа янгиликлар