Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Антальяда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (YTTB) президенти Одил Рено-Бассо билан учрашди. Томонлар электр инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, банк соҳасида хусусийлаштириш ва Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув COP31 саммити доирасида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон олти йилдан буён банкнинг минтақадаги энг йирик молиявий ҳамкори ҳисобланади. Ҳозирда ЕТТБнинг мамлакатдаги лойиҳалари портфели 7 миллиард доллардан ошган. 2025 йилда банк билан амалга оширилган операциялар ҳажми эса илк бор 1 миллиард доллардан кўпни ташкил этган.
Мулоқотда банкнинг Ўзбекистонда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам юқори баҳоланди. ЕТТБнинг мамлакатга киритган инвестицияларининг қарийб 60 фоизи ушбу йўналишдаги лойиҳаларга тўғри келади.
Келгуси йилда ҳамкорликнинг бир қатор устувор йўналишлари белгиланди. Жумладан, электр инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларини ривожлантириш, банк соҳасида хусусийлаштиришни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, 2027 йилда Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.






