АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев Анталияда қатор учрашувлар ўтказди

Нималар муҳокама қилинди?

'Мирзиёев Анталияда қатор учрашувлар ўтказди'ning rasmi

Мирзиёев Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби Селесте Сауло билан учрашув ўтказди. Унда иқлим ўзгариши, экстремал об-ҳаво ҳодисаларига тайёргарлик ва гидрометеорология соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув 10 ноябрь куни давлат раҳбарининг Туркиянинг Анталия шаҳрига амалий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Жаҳон метеорология ташкилоти ўртасида гидрометеорология инфратузилмасини модернизация қилиш, об-ҳавони кузатиш тизимларини такомиллаштириш ҳамда маълумот алмашиш борасида кўп йиллик ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди.

Шунингдек, атмосфера мониторинги, қум ва чанг бўронларини прогноз қилиш, ҳаво сифатини яхшилаш йўналишларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якунида иқлим кун тартибидаги устувор йўналишлар бўйича амалий шерикликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олинди.

Мирзиёев Грузия билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Грузия Президенти Михаил Кавелашвили билан учрашди. Томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув 10 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг Туркияга амалий ташрифи доирасида Анталия шаҳрида бўлиб ўтди.

Мулоқотда жорий йилнинг 2–3 июль кунлари Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат парламентлари, вазирлик ва идоралари, шунингдек, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони ҳам изчил ошиб бормоқда.

Томонлар савдо айланмасини кўпайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, туризмни кенгайтириш ва транспорт-транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини кўриб чиқди.

Шунингдек, икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка кенг жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

Мирзиёев Саудия Арабистони билан янги инвестициявий лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони делегацияси билан учрашув ўтказиб, энергетика, нефть-газ, нефть-кимё ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув 10 ноябрь куни Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси 31-сессияси доирасида ташкил этилди.

Саудия Арабистони делегациясига энергетика вазири, саноат ва минерал ресурслар вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилик қилди.

Мулоқот аввалида у Ўзбекистон Президентига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар жадал ривожланаётгани, йирик инвестициявий лойиҳалар портфели шакллангани қайд этилди. Ушбу лойиҳаларнинг асосий қисми «яшил» энергетика соҳасига тўғри келади.

Шунингдек, нефть-газ, нефть-кимё, тоғ-кон саноати ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар аниқ амалий таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратди.

    Бошқа янгиликлар