АсосийДУНЁ

Қўқонда 13 ёшли қизга тажовуз

Жиноят иши оғирроқ моддага қайта малакаланди.

'Қўқонда 13 ёшли қизга тажовуз'ning rasmi

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида 13 ёшли қизга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик юзасидан қўзғатилган жиноят иши қайта малакаланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 9 ноябрь куни Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми "а" банди (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш)дан 118-моддаси 4-қисмига (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) қайта малакаланган.

Ҳодиса 28 сентябрь куни содир бўлган. Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи, 2012 йилда туғилган қиз Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган.

Мазкур ҳолат юзасидан 29 сентябрь куни жиноят иши қўзғатилган. 22 ёшли гумонланувчи ушланиб, 30 сентябрь куни суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Болалар омбудсманининг маълум қилишича, жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, руҳий ҳолатини тиклаш мақсадида унга психологик ва юридик ёрдам кўрсатилмоқда.

Айни вақтда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Болалар омбудсмани жабрланувчининг процессуал ҳуқуқлари таъминланишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилиб боришини билдирган.

    Бошқа янгиликлар