АсосийЖАМИЯТ

Янги Тошкентда 50 миллион долларлик йирик шаҳарсозлик лойиҳалари қўллаб-қувватланади

У инвесторлар учун маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва йирик лойиҳаларни амалга оширишни енгиллаштиришга қаратилган.

'Янги Тошкентда 50 миллион долларлик йирик шаҳарсозлик лойиҳалари қўллаб-қувватланади'ning rasmi

"Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони қабул қилинди.

2026 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сонли фармонга кўра, қиймати 50 миллион АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлган йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш белгиланган.

Ҳужжатнинг асосий мақсадлари қаторида мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва туризм салоҳиятини ошириш, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги маъмурий тўсиқлар ҳамда бюрократик ғовларни бартараф этиш ҳам бор.

Фармон билан белгиланган махсус ҳудудларда шаҳарсозлик соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими жорий этилади.

Шунингдек, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига берилган айрим ваколатлар бошқа махсус ҳудудларни ташкил этишга масъул дирекцияларга ҳам татбиқ қилинади.

Жумладан, улар ҳудудларни ривожлантиришни режалаштиришга оид ҳужжатлар талабларини мустақил белгилаш ва тасдиқлаш, ер участкаларида қуриладиган объектларга қўйиладиган асосий талабларни белгилаш ҳамда ҳар бир лойиҳа учун алоҳида техник шартларни белгилаш ваколатига эга бўлади.

    Бошқа янгиликлар