Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва Давлат кадастрлари палатаси туман филиали мансабдори тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқародан ер майдонини аукцион орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улар сўралган пулнинг 30 минг долларини учинчи шахс орқали олган вақтда қўлга олинган.
Маълум қилинишича, икки мансабдор ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаронинг ишончига кирган. Улар туман ҳокимлиги захирасидаги 50 сотих ер майдонини онлайн аукцион савдолари орқали арзон нархда унинг номига ютиб беришни ваъда қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида мансабдорлар талаб қилинган 100 минг доллардан 30 минг долларини учинчи шахс орқали қабул қилган вақтда ушланган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" ва "г" бандлари, шунингдек, 28, 211-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






