АсосийДУНЁ

Италияда 300 та мактабда бомба таҳдиди сабаб ўқувчилар эвакуация қилинди

Айни пайтда Италия полицияси ҳолат юзасидан текширув олиб бормоқда.

'Италияда 300 та мактабда бомба таҳдиди сабаб ўқувчилар эвакуация қилинди'ning rasmi

Италияда электрон почта орқали юборилган бомба таҳдидлари сабаб камида 300 та мактабдан ўқувчилар ва педагоглар эвакуация қилинди. Таҳдидли хабарлар мамлакатнинг турли ҳудудларидаги таълим муассасаларига юборилган. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълум қилинишича, 11 ноябрь куни Италиядаги мактабларга бир хил мазмундаги электрон хатлар келиб тушган. Шундан сўнг таълим муассасаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, ўқувчилар бинолардан хавфсиз ҳудудларга олиб чиқилган.

Италия маориф вазири Жузеппе Вальдитара «La7» телеканалига берган интервьюсида таҳдидлар сохта бўлиши мумкинлигини билдирган. Унинг айтишича, бомба ҳақидаги хабарлар келиб тушган мактаблар сони ортиши эҳтимоли бор.

«Reuters» агентлиги танишган электрон хат нусхасига кўра, таҳдидли хабар «Михаил Андропов, Вилаят Мизогинистан раҳбари» номи билан имзоланган. Мазкур шахс шу йилнинг 6 ноябрь куни Ирландия ва Болгариядаги таҳририятларга юборилган бомба таҳдидлари учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олган.

Римдаги мактаблардан бири ота-оналарга мессенжер орқали юборган хабарда барча ўқувчилар хавфсиз ҳудудга олиб чиқилгани ва педагоглар назоратида эканини маълум қилган.

Вальдитаранинг таъкидлашича, таҳдид юборилган мактаблар сонининг кўплиги хабарларнинг ишончлилиги пастлигидан далолат беради.

Айни пайтда Италия полицияси ҳолат юзасидан текширув олиб бормоқда.

Қайд этиш жоизки, сўнгги кунларда Европада турли муассасаларга нисбатан бомба таҳдидлари ва киберҳужумлар билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда. Аввалроқ Францияда супермаркетлар ва қон банкларига киберҳужумлар содир этилган, шунингдек, Европа ҳаво қатнови ҳамда телеканаллар фаолиятига таъсир кўрсатган таҳдидлар қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар