Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Анталиядаги халқаро тадбирлар ва қатор икки томонлама учрашувлардан сўнг Тошкентга жўнаб кетди. Ташриф давомида давлат раҳбари халқаро ташкилотлар ва бир қатор мамлакатлар вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалий ташрифи якунланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари ташриф доирасида Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитида иштирок этди. Унда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва хорижий давлатлар вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Жумладан, ташрифнинг биринчи кунида Яшил иқлим жамғармаси ижрочи директори Мафальда Дуэрте, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби Селесте Сауло, Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ҳамда Саудия Арабистони энергетика вазири, шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд билан музокаралар бўлиб ўтди.
Бугун, 11 ноябрь куни эса Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, Финляндия Президенти Александр Стубб, Словения Президенти Наташа Пирц Мусар, Бангладеш Бош вазири Ториқ Раҳмон, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижрочи котиби Ясмин Фуад ҳамда БМТ Тараққиёт дастури администратори Александр Де Кроо билан учрашувлар ўтказилди.
Музокараларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, «яшил» трансформация ва барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф дастуридаги тадбирлар якунланганидан сўнг Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Анталия халқаро аэропортида Президент ва унинг рафиқасини Туркия расмийлари кузатиб қўйди.






