Фарғона ва Андижон вилоятларида фуқароларни «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона шаҳридаги сайёҳлик фирмасининг норасмий ишчиси тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда икки нафар фуқарони Саудия Арабистонига «Умра» зиёратига юбориш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у 2450 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ҳам аниқланган. Унда ноқонуний фаолият юритаётган туристик фирма ходими тўрт нафар фуқарони «Умра» зиёратига юбориш эвазига 4400 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у отаси билан биргаликда 4300 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






