Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант ажратиш тартиби тасдиқланди. Энди нодавлат ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ижодий жамоалар танловда иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Маданият вазирининг буйруғи билан тасдиқланган низом маданият ва санъат соҳасида нодавлат ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Грантлар давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Танлов театр, цирк, мусиқа, рақс, номоддий маданий мерос, кино ва анимация, маданият таълими, адабиёт, инклюзив ва ижтимоий лойиҳалар, стартаплар, инновациялар, сунъий интеллект ҳамда рақамлаштириш каби йўналишларда ўтказилади.
Ушбу йўналишлар бўйича умумий молиялаштириш лимитлари 1 миллиард сўмдан 1,5 миллиард сўмгача этиб белгиланган.
Танловда Ўзбекистон резиденти бўлган нодавлат юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ижодий жамоалар қатнашиши мумкин. Бунинг учун OneID орқали махсус платформада рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Ҳар бир ариза берувчи фақат битта йўналиш бўйича иштирок этиши мумкин. Танловда қатнашиш бепул.
Аризалар танлов эълон қилинган кундан бошлаб 30 календарь кун давомида махсус платформа орқали қабул қилинади. Танлов беш босқичда ўтказилади. Ҳужжатларда тузатиш мумкин бўлган камчиликлар аниқланса, ариза берувчига уларни бартараф этиш учун 5 иш куни берилади.
Лойиҳалар комиссия аъзолари томонидан мустақил баҳоланади. Камида 60 балл тўплаган лойиҳалар рейтинг асосида ва ажратилган маблағлар доирасида молиялаштиришга тавсия этилади.
Грант ғолиблари билан натижалар эълон қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида шартнома тузилади. Одатда грант маблағининг 50 фоизи дастлабки траншда, қолган қисми эса 25 фоиздан икки босқичда, белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиб, оралиқ ҳисоботлар маъқуллангач ўтказилади.
Олти ойгача давом этадиган лойиҳалар учун грант маблағлари тўлиқ миқдорда ажратилиши мумкин.
Грант маблағлари шартномада белгиланган мақсадлар ва тасдиқланган смета асосида сарфланиши шарт. Маблағлардан фойдаланиш ҳамда лойиҳа натижалари ишчи орган томонидан мониторинг қилиб борилади.
Танлов жараёни ёки натижаларидан норози бўлган иштирокчилар 10 кун ичида апелляция шикояти бериши мумкин. Апелляция комиссияси қароридан норози бўлганлар эса судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, лойиҳалар натижасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари муаллифлар ёки бошқа ҳуқуқ эгаларида сақланади. Маданият вазирлиги ушбу интеллектуал мулкдан фақат ҳуқуқ эгасининг розилиги билан нотижорат мақсадларда фойдаланиши мумкин.






