АсосийЖИНОЯТ

Тошкентда ўқув марказини тунaшни режалаштирган жиноий гуруҳ ушланди

Маълум бўлишича, жиноятни 1995 йилда туғилган, аввал ушбу ўқув марказида қўриқчи бўлиб ишлаган шахс ташкил қилган.

'Тошкентда ўқув марказини тунaшни режалаштирган жиноий гуруҳ ушланди'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги ўқув марказларидан бирига босқинчилик қилишни режалаштирган тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди. Улар марказда сақланаётган катта миқдордаги пулни ўғирлаб, қўшни давлатга қочиб кетмоқчи бўлган. Бу ҳақда шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, жиноятни 1995 йилда туғилган, аввал ушбу ўқув марказида қўриқчи бўлиб ишлаган шахс ташкил қилган. У марказда катта миқдорда пул сақланишини билгани учун уч нафар танишини жиноятга жалб қилган.

Режага кўра, собиқ қўриқчи марказ ичидаги вазиятни ўрганиб, пул сақланадиган жой ҳақида шерикларига маълумот бериши, гуруҳ аъзоларидан бири эса электр таъминотини узиши керак бўлган. Ниқоб таққан иштирокчилар орқа эшикдан кириб, пулни қопларга солиши ва ижарага олинган автомобилда олиб чиқиб кетиши режалаштирилган. Гуруҳ аъзоларидан бири гувоҳларни чалғитиш мақсадида аёллар кийимини кийган.

Улар Фарғона вилояти орқали қўшни давлатга қочишни мўлжаллаган. Бироқ жиноий режа амалга ошмай, ўқув марказига кирган барча гумонланувчилар тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Улардан ниқоблар, болға, қоп, қўлқоплар, рациялар, эшикларни очишга мўлжалланган махсус мосламалар, калитларнинг дубликатлари ҳамда хорижга чиқиш паспортлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ёзида Самарқандда ниқоб таққан вояга етмаган бола банкка бостириб кириб, пул талаб қилган эди. Қўриқлаш ходимлари етиб келганидан сўнг у ўз хоҳиши билан таслим бўлганди.

    Бошқа янгиликлар