Тошкент шаҳрида 10 250 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки банкнотларни 7 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро А.В. 10 250 долларлик қалбаки банкнотларни фуқаро Р.З.га 7 минг долларга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






