АсосийЖИНОЯТ

Ўзбекистоннинг етти ҳудудида 249 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланди

Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 158 килограммни ташкил этган.

'Ўзбекистоннинг етти ҳудудида 249 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланди'ning rasmi

Ўзбекистоннинг етти ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган 249 та суюлтирилган газ баллони тижорий нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётгани аниқланди. Ҳолатлар орасида газ таъминоти тизими ходимларининг ҳам қонунбузилишлари бор. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.

Хусусан, 9 ноябрь куни ўтказилган тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Тошкент, Наманган, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида қоидабузилишлар аниқланган.

Қорақалпоғистонда «Амударётумангаз» бўлими чилангари 104 та газ баллонини тегишли ҳужжатларсиз ва ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда сақлаган. Сурхондарёда эса «Шерободтумангаз» бўлими ҳайдовчиси ўз хонадонида 25 та газ баллонини сақлагани маълум бўлган.

Тошкент вилоятида "Қуйичирчиқтумангаз" бўлими газ тўлдириш шохобчаси ходими томонидан учта газ баллони сақланаётгани аниқланган.

Шунингдек, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро ўз уйида кейинчалик сотиш мақсадида 20 та газ баллонини сақлаган. Қашқадарё вилоятининг Касби туманида эса икки фуқаронинг хонадонларидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақланган жами 92 та газ баллони топилган.

Хоразм вилоятининг Хонқа туманида эса умумий овқатланиш шохобчасида аҳоли учун ажратилган бешта газ баллонидан ноқонуний фойдаланилгани ҳужжатлаштирилган.

Қайд этилишича, бир кунда аниқланган 1 160 килограмм суюлтирилган газ 58 та хонадоннинг бир ойлик эҳтиёжини таъминлаши мумкин эди.

Маълумот учун, жорий йил 20 октябрдан буён республика бўйича 370 та ҳолатда жами 9 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 158 килограммни ташкил этган.

Масъул идоралар аҳоли учун ажратилган газни ноқонуний сақлаш ва сотиш ҳолатлари ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақамига хабар беришга чақирди. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланган.

    Бошқа янгиликлар