АсосийЖИНОЯТ

Қўқонда 66 ёшли эркак танишини темир лом билан уриб ўлдирди

Суд ҳукми билан у 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.

'Қўқонда 66 ёшли эркак танишини темир лом билан уриб ўлдирди'ning rasmi

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 66 ёшли эркак спиртли ичимлик истеъмол қилган танишини темир лом билан уриб ўлдирди. Суд ҳукми билан у 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд Жамоатчилик билан алоқалар маркази бош консультанти Азиз Абидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 4 апрель куни соат 18:00 ларда содир бўлган. Ўша куни икки таниш судланувчининг хонадонида бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган. Мастлик оқибатида улар ўртасида оғзаки жанжал келиб чиққан. Жанжал вақтида марҳум судланувчининг юзига бир неча марта урган.

Шундан сўнг 66 ёшли эркак ҳовлидаги темир ломни олиб, яшаш хонасида ухлаб ётган танишининг юзи, бош қисми ва танасининг бошқа жойларига бир неча бор зарба берган. Оқибатда жабрланувчи вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши Қўқон шаҳар жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган. Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Суд томонидан тўпланган далиллар ҳам унинг айбини тасдиқлаган.

Суд ҳукми билан эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди (қасддан одам ўлдириш) бўйича айбли деб топилган ва унга 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

    Бошқа янгиликлар