АсосийЖИНОЯТ

Бухорода 13 та қуённи овлаган браконьерлар Экополиция ходимига тан жароҳати етказди

Пешку туманида ноқонуний ов билан шуғулланган беш нафар фуқаро Экология полицияси ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, уларга қаршилик кўрсатди.

'Бухорода 13 та қуённи овлаган браконьерлар Экополиция ходимига тан жароҳати етказди'ning rasmi

Бухоро вилоятининг Пешку туманида ноқонуний ов билан шуғулланган беш нафар фуқаро Экология полицияси ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, уларга қаршилик кўрсатди. Оқибатда ходимлардан бири тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат Қорақир массивидаги муҳофаза этиладиган ҳудудда ўтказилган рейд давомида аниқланган. Пешку туманида яшовчи беш нафар фуқаро тақиқланган тунги ёритиш мосламаси ва ов қуролидан фойдаланиб, ноқонуний ов билан шуғулланган. Улар жами 13 та қуённи овлаган.

Қоидабузарликни аниқлаш жараёнида Экология полицияси ходимлари ҳаракатланаётган "УАЗ" русумли автомобилни текшириш учун тўхтатган. Бироқ машинада бўлган фуқаролар ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган ва бир нафар ходимга тан жароҳати етказган.

Жабрланган ходимга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, у шифохонага ётқизилган. Ҳодиса жойига туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳам жалб этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар