АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда дориларни рецептсиз бериш тартиби ўзгартирилди

Энди дори воситаларини рецептсиз сотишга рухсат беришда уларнинг хавфсизлиги, ножўя таъсирлари ва нотўғри қўлланиш хавфи қатъийроқ баҳоланади.

'Ўзбекистонда дориларни рецептсиз бериш тартиби ўзгартирилди'ning rasmi

Ўзбекистонда дори воситаларини рецептсиз бериладиган тоифага киритиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Янги мезонлар дори воситаларининг хавфсизлиги, самарадорлиги ва уларни тиббий ходим назоратисиз мустақил қўллаш имкониятини баҳолашни назарда тутади. Тегишли ўзгартиришлар Адлия вазирлиги томонидан 12 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Янги тартибга кўра, дори воситасини рецептсиз бериш мумкинлигини белгилашда уни нотўғри қўллаш, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ёки қарамлик келтириб чиқариш хавфи ҳам ҳисобга олинади. Шунингдек, қўллаш йўриқномасининг истеъмолчи учун тушунарлилиги ва дори хавфсизлиги бўйича назорат натижалари инобатга олинади.

Икки ёки ундан ортиқ фаол моддадан ташкил топган дорилар ҳам рецептсиз бериладиган тоифага киритилиши мумкин. Бунинг учун ҳар бир модданинг таъсири, уларнинг ўзаро мутаносиблиги, фойда ва хавф нисбати ҳамда нотўғри қўллаш эҳтимоли баҳоланади.

Шунингдек, дорини рецептсиз бериш тоифасига ўтказиш рад этилган аризачи рад этиш сабабларини бартараф этган ёки дори хавфсизлиги ва самарадорлигига оид янги маълумотлар олган тақдирда, уч йил кутмасдан қайта мурожаат қилиши мумкин.

Ваколатли орган эса янги маълумотлар, фармаконазорат натижалари ва қонунчиликдаги ўзгаришлар асосида дори воситасининг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

    Бошқа янгиликлар